Футбол бўйича Россия Премьер-Лигасининг янги мавсуми олдидан Суперкубок беллашуви бўлиб ўтди ва унда Москванинг «ЦСКА» клуби Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига қарши кураш олиб борди.
Учрашувнинг 22-дақиқасида бразилиялик ярим ҳимоячи Маурисио томонидан киритилган ягона гол «Зенит»га ўз тарихида тўртинчи бор мамлакат Суперкубоги ғолиблигини тақдим этди.
Россия чемпионатининг 2015/16 йилги мавсумида «ЦСКА» олтин медални қўлга киритган бўлса, Россия Кубоги финалида «Зенит» айнан «ЦСКА»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, ғолиб чиққанди. Премьер-Лигада эса Питер клубига 3-ўрин насиб қилган.
«ЦСКА» Премьер-Лига доирасидаги ўзаро ўйинларда ҳам «Зенит»дан устун бўла олмаганди. Москвада 2:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, «Петровский» стадионида «Зенит» 2:0 ҳисобида зафар қучган.
Изоҳ (0)