КХДР Ташқи ишлар вазирлиги Корея халқ армиясининг «Хвасон» артиллерия қисми томонидан ўтказилган баллистик ракеталарни учириш бўйича ўқув машғулотлари юзасидан АҚШ расмийларининг баёнотини йўл қўйиб бўлмайдиган провокация деб атади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.
«Ўз-ўзини мудофаа қилиш бўйича энг адолатли жавоб чораларимизга нисбатан АҚШнинг бу каби баёнотлари биз учун йўл қўйиб бўлмайдиган провокация ҳисобланади», — дейилади КХДР ТИВ расмий вакилининг баёнотида.
Хабарда таъкидланишича, «АҚШ бошқалардан айб топишга уринишдан аввал ўзларининг Жанубий Кореяга турли хилдаги стратегик кучларни катта миқдорда келтирганлиги ва КХДРга нисбатан жиддий хавф туғдиришда давом этаётганлигига назар солиши керак».
«Агар АҚШ, такрорий огоҳлантиришларимизга қарамасдан, Корея ярим оролида олов билан ўйнашга жазм қилса, уларга кечиктирилмайдиган, шафқатсиз ва ўлимга олиб келувчи ядровий зарба берилади», — деди КХДР ТИВ вакили.
Изоҳ (0)