»Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури» ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорликда PROlogue ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивали бошланганлигини эълон қилади. Бу ҳақда «Дарё»га «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари қисқа метражли бадиий ва бадиий шаклдаги ҳужжатли фильмлари билан иштирок этиши мумкин. Унда қатнашиш бепул.
Фестиваль талабига мувофиқ, тақдим этилган қисқа метражли бадиий фильмнинг умумий вақти 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, фильм сўнгги икки йил мобайнида суратга олинган ҳамда мазкур фестивалда аввал иштирок этмаган бўлиши лозим.
Фестивалда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар «Ўзбеккино»га топширилади:
- ариза;
- асар(лар) DVD ёки AVI форматда;
- саралашдан сўнг: паспорт нусхаси (яшаш манзили билан), асар муаллифи ҳақида маълумотнома (2-иловага асосан), икки дона фотосурат, муаллиф лозим топган реклама материаллари ва бошқа маълумотлар;
- юридик шахслар учун: корхона гувоҳномаси.
Тақдим этилган асарларнинг янгилиги, ғоянинг ижтимоий муҳимлиги, ижодий ёндашувнинг оригиналлиги, бадиий таъсирчанлиги, визуал қатлам ва қаҳрамонлар концепциясининг ўзига хослиги, режиссёр ва оператор маҳорати, актёрлар ижроси, шунингдек, давлат тилида бўлиши ёки давлат тили субтитрларда берилиши фестивалда қатнашиш ҳуқуқини таъминлаш мезони ҳисобланади.
Фестивалда иштирок этиш учун аризалар 1 октябрга қадар тақдим этилиши шарт. Аризалар ўрганилиб, 20 октябргача сараланади ҳамда кўрик дастурига киритилган қисқа метражли фильмлар 16–20 ноябрь кунлари намойиш этилади.
- Ғолиблар аниқлангач, 21 ноябрда уларни тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади. Улар махсус совринлар ва дипломлар билан тақдирланади.
Асосий совринлар қуйидагилардир:
- «Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм» учун бош соврин;
- «Энг яхши сценарий»;
- «Энг яхши режиссёрлик иши»;
- «Энг яхши операторлик иши».
Фестиваль доирасидаги намойишларга кириш бепулдир.
Изоҳ (0)