Марказий Хитойнинг Тьянмэнь шаҳри ҳудудида (Хубэй провинцияси) бир неча кундан буён давом этаётган кучли ёмғирлар туфайли 21 июль, пайшанба куни дамба бузилиб кетди. Ҳукумат сув остида қолган туманлардан 34 мингга яқин аҳолини эвакуация қилди. Бу ҳақда «Сина» ахборот портали маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Дамбанинг шикаст етган қисми катталашаётганлиги ва сув сатҳи ошишда давом этаётганлиги таъкидланмоқда. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган.
Хитойнинг турли туманларида июнь ойи охиридан буён кучли ёмғирлар давом этмоқда. Давомли ёғингарчиликлар сув тошқини ва кўчкиларни юзага келтирди.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, табиий офат оқибатида мамлакатнинг 1,5 мингдан ортиқ уездига зарар етган. Охирги маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 237 киши ҳалок бўлган, яна 93 кишининг бедарак йўқолганлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)