Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) талабалари Шахзод Бохиджонов ва Мухлиса Анварова «Android тизимидаги дастурий маҳсулотлар» кўргазмасида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё» нашрига маълум қилди.
Аввалроқ Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва Корея транспорт миллий университети (KNUT) ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан, 1–15 июль кунлари 11 кишидан иборат кореялик кўнгиллилар делегацияси ТАТУга ташриф буюргани ва ташрифнинг сўнгги кунида «Android тизимидаги дастурий маҳсулотлар» кўргазмаси бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинганди.
Кўргазма натижаларига кўра, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаси Шаҳзод Бохиджонов бошчилигидаги гуруҳ Fast Cafe дастури билан биринчи ўринни эгаллади. Fast Cafe мобил дастурининг асосий мақсади фойдаланувчиларга тез овқатланиш ресторанларига масофадан буюртма бериш имконини яратишдан иборат.
Университетнинг яна бир талабаси Мухлиса Анварованинг гуруҳи X-Ray номли мобил ўйини билан иккинчи ўринни қўлга киритди. X-Ray ўйини фойдаланувчиларнинг эпчиллиги ва чаққонлигини яхшилашга кўмак беради.
Изоҳ (0)