Олмаота полиция горнизони ходимлари бир кунлик иш ҳақини куни кеча террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ҳамкасблари оилалари ҳисобига ўтказади. Бу ҳақда Олмаота ички ишлар департаменти матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар бермоқда «Интерфакс».
Остона ички ишлар департаменти бошқарув таркиби ҳам ўзининг бир кунлик иш ҳақини ҳалок бўлган ходимлар — полиция капитани Бауиржан Нурмаханбетов, полиция кичик сержанти Максат Салимбаев ва полиция старшинаси Аян Галиевнинг оилалари ҳисобига ўтказади.
Олдинроқ Олмаотадаги отишмаларда ҳалок бўлганларнинг оиласига 15 миллион тенге (45 минг доллар), жабрланганларга 5 миллион тенгедан (15 минг доллар) моддий ёрдам ажратилиши хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни Олмаотада номаълум шахслар Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота шаҳар департаменти ва шаҳарнинг Алмали тумани полиция департаменти биноларига ҳужум уюштирган эди. Оқибатда беш киши, жумладан, уч нафар полициячи ҳалок бўлди. Саккиз киши яраланди, улардан олти нафари полиция ходимидир.
Изоҳ (0)