Туркиянинг Анқара шаҳрида қуролланган эркак мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уринишни амалга оширмоқчи бўлган ҳамда қўлга олинган генераллар суд биносига келтирилган вақтда ўт очди. Бу ҳақда CNN Turk телеканалига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, ўқ узган эркак полициячилар томонидан қуролсизлантирилди. Ҳалок бўлган ёки жабрланганлар ҳақида маълумот келмаган.
NTV телеканалининг хабар беришича, ўт очган киши ҳарбий бўлган. Таъкидланишича, у суд биноси яқинида жойлашган автомобиль ичидан ўқ узган. Hurriyet’нинг маълум қилишича, махсус хизмат ходимлари унинг йўлини тўсиб, ҳибсга олган. NTV телеканали ўт очган эркак ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўлдирилганини таъкидлаётган бўлса, Reuters агентлиги Туркиядаги манбасига таяниб, ўқ узган ҳарбий қўлга олинганини ва қурбонлар бўлмаганини маълум қилди.
Суд биноси яқинида отишма бошланишидан аввал ҳарбий тўнтаришга уринишни амалга оширишда қўлга олинган 27 генерал ва адмирал, шу жумладан, Туркия ҲҲК собиқ қўмондони Акин Ўзтурк суд биносига келтирилганди. Аввалроқ Reuters агентлиги Акин Ўзтурк мамлакатда ҳарбий тўнтаришга уринган исёнчилар етакчиси деб ҳисоблангани ҳақида маълум қилганди.
Изоҳ (0)