Америка разведкаси 14 июль, пайшанба куни Ниццада терактни амалга оширган Муҳаммад Лухуайеж Бухлелнинг таҳдиди ҳақида олдиндан хабардор бўлмаган. Бу ҳақда 17 июль, якшанба куни CNN телеканали эфирида АҚШ давлат котиби Жон Керри маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Бизга террорчининг радикал қарашларга риоя этиши маълум бўлмаган. Ҳозирги пайтда суриштирув натижаларини кутаяпман. Биз терговчиларга қўлимиздан келган барча кўмакни кўрсатмоқдамиз», — деди Америка дипломатияси раҳбари.
«Биз французлар билан юз берган ҳодиса картинасини яратиш устида ишламоқдамиз. Бу пичан ғарамидан игнани қидиришдан ҳам қийинроқ», — дея қўшимча қилди давлат котиби. Унинг таъкидлашича, Бухлелнинг бундан аввал Америка махсус хизматлари эътиборига тушмаганлиги юқоридаги вазифани қийинлаштирмоқда.
«Бу одам ИШИД гуруҳи таркибига кирган-кирмаганлигини билмайман», — деди Керри.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль оқшомида Бастилия қалъасининг олиниши муносабати билан уюштирилган байрам тадбирлари доирасида мушакбозликни томоша қилгани Ниццанинг Инглиз соҳилига йиғилган оломон устига юк машинаси босиб борган. Ҳодиса натижасида 84 киши ҳалок бўлди, 202 киши яраланди. Ҳодиса учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)