Финляндиянинг Салла шаҳрида Россия билан чегарада мигрантлар томонидан қолдириб кетилган барча автомобиллар икки кун давом этган кимошди савдосида сотилди. Кимошди савдосидан 23 минг евро ишлаб олинди. Бу ҳақда «ТАСС» агентлигига таяниб, TJournal хабар бермоқда.
Кимошди савдосига Финляндия фуқароларидан ташқари бошқа мамлакат вакиллари, хусусан, эстонияликлар ташриф буюрди. Россиянинг «экзотик» ҳисобланган «Лада» ва «Волга» автомобилларига талаб катта бўлди. Салла шаҳри маъмурияти эсдалик учун «Волга»лардан бирини 1200 еврога харид қилди. Яна бир шундай автомобилни харидор 800 еврога сотиб олди.
Чет эл автомобиллари эса ўта арзон, рамзий нархда сотилди. Масалан, Opel русумли машина 1 еврога сотиб юборилди. Финляндиянинг Торнио шаҳри фуқароси 11 та машинани 68 еврога қўлга киритди. Бунинг эвазига у кимошди савдосининг бошқа иштирокчиларидан яна 7 та автомобилни қабул қилиб олди. Уларга машинанинг фақатгина баъзи деталлари керак бўлди.
Автомобиль эгалари 24 фоиз миқдорда солиқ ҳамда 10 фоиз бож тўлаши керак бўлади.
Изоҳ (0)