Юзга яқин олмаоталик ишқибоз Қозоғистонда яратилган биринчи электромобилни синовдан ўтказди. «Азия Авто» заводида терилган KIA Soul EV электрик кроссовери 100 километр йўл босиши учун уни 170 тенгега қувватлантириш кифоя, деб маълум қилади «BNews.kz».
KIA Soul EV 27 кВТ/соатлик литий-ионли батарея билан жиҳозланган. Автомобиль қўшимча қувват олмасдан 200 километр йўл босиши мумкин. Soul EV 110 от кучига эга электр мотор билан ҳаракатга келтирилади. Унинг максимал тезлиги 145 километр/соатни ташкил этади. Батареяни об-ҳавога қараб қиздириш ёки совутиш вазифасини бажарадиган термоназорат тизими туфайли Soul ҳар қандай иқлимда ҳам бирдай юради.
KIA Soul EV’нинг биринчи партияси Остона ва Шарқий Қозоғистоннинг трассаларида минус 30 даражали ҳавода синовдан ўтказилди.
Автомобиль батареясини маиший тармоқдан тўлиқ қувватлантириш 14–18 соат вақт олади. Энергия сарфи ўртача 2 кВт/соатни ташкил этади.
CHAdeMO стандартидаги қувватлантириш ускунаси ёрдамида электромобиль батареяни 15–30 дақиқада 80 фоизгача қувватлантира олади. 100 километрга етадиган миқдорда қувват олиш учун 170 тенге сарфланади.
Қозоғистоннинг илк электр автомобили 2016 йилнинг 29 июнида мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевга намойиш этилганди.
Изоҳ (0)