Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли, Ўрта Ер денгизи шарқида ҳалокатга учраган A320 самолёти учувчиларидан бири кема қулашидан олдин ёнғинни ўчиришга урингани аниқланди. Бу «қора қути» ёзувларидан маълум бўлди, деб хабар бермоқда «РБК».
Илгарироқ самолёт думида жойлашган параметрик ўзиёзар ускуна лайнер 11 километр баландликда бўлганида ишдан чиққани айтилган эди. Le Figaro нашрининг билдиришича, ёнғин иккинчи «қора қути»нинг ишдан чиқишига сабаб бўлмаган. Ёнғин сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган, бортида 66 киши бўлган A320 самолёти Қоҳира аэропортига қўнишига тахминан 35 дақиқа қолганда, эндигина Миср ҳаво ҳудудига кирганда радарлар экранидан йўқолган эди. Кейинроқ унинг бўлаклари Грециянинг Карпатос оролларидан топилди.
«Қора қути»лар июнь ойининг ўрталарида денгиз тубидан кўтарилди.
Изоҳ (0)