Mercedes-Benz компанияси кейинги авлод G-Class йўлтанламасини синовдан ўтказа бошлади. Тажрибавий прототипнинг айғоқчи фотосуратларини «Motor1.com» нашри чоп этди.
Суратларда янги машина агрегатлари ҳозирги моделнинг камуфляжланган кузови остига бекитилганини кўриш мумкин. Шунга қарамай, прототипнинг ғилдирак базаси амалдаги моделникидан анча кенглиги пайқаш мумкин. Унинг ўлчами 10 сантиметрга ошиши кутилмоқда.
Конструкцияда кўп миқдорда алюминий ишлатилиши олдинроқ маълум бўлган эди. Бунинг натижасида йўлтанламас тахминан 200 килограммга енгиллашади.
Автомобиль дизель ва бензинда ишлайдиган 3 литрли, 6 цилиндрли моторлар билан ҳаракатга келтирилади, уларнинг қуввати, тегишли равишда, 300 ва 360 от кучини ташкил этади. Куч қурилмалари 9 босқичли автоматик ўтказмалар қутиси билан уйғунликда ишлаши мумкин.
Йўлтанламаснинг кучайтирилган модификацияси модернизация қилинган 4 литрли, 8 цилиндрли битурбо моторга эга бўлади.
Янги Mercedes-Benz G-Class 2017 йил охирига яқин сотувга чиқарилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)