Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида шу йилнинг 20 июнидан бошлаб «Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилишнинг электрон хизмати» жорий этилди. Бу ҳақда «Дарё»га университет матбуот хизмати хабар қилди.
ЖИДУга кириш учун лозим бўлган ҳужжатларни университет веб-саҳифаси («Uwed.uz») орқали топшириш зарурати туғилганда, абитуриент сайтнинг махсус ойнаси орқали («Uwed.uz.admission2016») тўғридан-тўғри университет ректори номига ариза ёзиши ва чоп этиб, университет қабул комиссиясига ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда топшириши мумкин.
Бундан ташқари, ЖИДУнинг магистратура таълим йўналишларига ҳужжатларини топшираётган абитуриентлар эндиликда фақатгина ректор номига аризани электрон тарзда тўлдириб, чоп этиш билан чегараланиб қолмай, балки барча ҳужжатларини ҳам шу йилнинг 1 июлидан электрон тарзда топшириш имкониятига эга бўлди.
Жорий этилган янги хизмат ҳужжат қабул қилиш жараёнида навбат пайдо бўлишига, ота-оналарнинг тўпланиб қолишларига йўл қўймаслик ва айниқса вилоятларда, университетдан олисда истиқомат қилувчи абитуриентлар учун қулайликлар яратишга қаратилган.
Илгарироқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Тошкент ахборот технологиялари университети бакалавриатига ҳужжатларни электрон шаклда топшириш» электрон хизматининг дастлабки лойиҳаси ишга туширилган эди. Лойиҳа муваффақият билан синовдан ўтказилганидан сўнг бундай тизим мамлакатдаги барча олий ўқув юртларида жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)