Москвалик журналист, мусиқачи ва блогер Пётр Сальников дала ҳовлисида Leucochloridium paradoxum паразити томонидан зарарланган «зомби» шиллиқ қурт топиб олди. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида гапириб берди, деб ёзмоқда TJournal.
«Дала ҳовлида зомби шиллиқ қурт топиб олдим — унинг кўзларида спороциста яшайди, у пайпаслагичларини яширишга қўймайди ва турли рангларда пулсация беради. Шу тариқа, шиллиқ қуртни қушлар кўриб қолади ва ейди, сўнг спороцитани чиқариб юборади, у шу йўл билан кейинги шиллиқ қуртга жойлашади», — деб ёзади журналист.
«Нега зомби? — сўзида давом этди Салников. — Чунки спороцита туфайли шиллиқ қурт кўр бўлиб қолади ва инстинктив равишда ёруғликка қараб ўрмалайди».
Ўртача икки миллиметр узунликдаги Leucochloridium paradoxum ясси қурти учун шиллиқ қурт оралиқ ташувчидир. Унга личинка жойлашади, сўнг у юзлаб майда личинкалардан иборат спороцитага айланади.
Изоҳ (0)