Футбол бўйича Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Чилига қарши (0:0, пенальтилар бўйича: 2:4) Америка Кубоги–2016 финалида учралган мағлубиятдан сўнг терма жамоадаги иштирокини якунлаши ҳақида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
«Таҳлил қилиш учун қийин лаҳза. Хаёлимга келаётган биринчи нарса – терма жамоадаги фаолиятимни якунлаш. Аргентина термасидаги иштироким якунланди. Бу ҳамма учун яхши бўлади ва кўпчилик буни истайди. Финалдаги ўйинларимдан норозилар бор. Афсуски, бош совринни қўлга кирита олмадик. Менимча, шунинг ўзи етарли. Оғир дамларни бошдан ўтказяпман», – деди Месси.Қайд этиш керак, Америка Кубоги—2016 финалида Аргентина сафида Лионель Месси пенальтини ноаниқ амалга оширди.Маълумот учун, Лионель Месси сўнгги учта финалда муваффақиятсизликка учрамоқда. 2014 йилги жаҳон чемпионати финалида Аргентина термаси Германияга (0:1) мағлуб бўлганди. 2015 йилги Америка Кубоги финалида ҳам Аргентина пенальтилар сериясида (1:4) Чилига таслим бўлганди.
Месси 2008 йили Аргентина олимпия терма жамоаси сафида Пекин Олимпиадаси ғолиби бўлган, 2005 йилда эса ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони бўлган. Аммо Лионель Месси Аргентина миллий терма жамоаси билан йирик турнирларда бирор марта ҳам бош совринга эга бўлмаган.
«Барселона» ҳужумчиси 24 июнь куни 29 ёшга тўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, Месси Аргентина термаси сафида 113 та ўйин ўтказиб, 55 та гол киритган. У Аргентина термаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.
Изоҳ (0)