Хоразм вилоятида «Газли—Нукус» ва «Бухоро—Урал» магистралларини бирлаштирувчи янги газ қувурини ўтказиш бўйича бурғулаш ишларининг бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда, ЎзАга асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Пўлат Бобожонов иштирок этди.
120 миллиард сўм қийматга эга лойиҳа «Урганчтрансгаз», «Жанубгазқурилиш» ва «Нефтгазмонтаж» корхоналари томонидан амалга оширилмоқда.
74 километр узунликдаги газ қувури Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудудларидан ўтади. Қурилишнинг дастлабки икки босқичи якунланиб, учинчи босқич доирасида Амударё тубидан 20 метр чуқурликда 1020 миллиметр диаметрдаги 850 метрлик газ қувури ўтказилади.
Қурилишга 500 муҳандис, ишчи ва мутахассислар, шунингдек, 200 махсус техника бирлиги жалб этилган.
Газ қувури 52 канал, коллектор, автомобиль ва темир йўлларини кесиб ўтади. Лойиҳа 2015—2017 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Муҳандис-қурувчилар қурилиш-монтаж, бурғулаш ишларини ҳамда газ қувурлари изоляциясини шу йилнинг сентябрига қадар якунлашни режалаштирган.
Газ қувурининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабридаги «Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мувофиқ олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)