Англиялик собиқ футболчи Дэвид Бекҳэм ва ёзувчи Жоан Роулинг Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи аъзолигини сақлаб қолиш тарафдорларини қўллаб-қувватлади, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
«Биз динамик ва бир-биримизга боғланган ҳамда кучимиз бирдамликда билинадиган дунёда яшаймиз. Фарзандларимиз ва уларнинг фарзандлари келажаги учун биз глобал муаммоларни ёлғиз эмас, бир-биримизга хабар берган ҳолда ҳал қилишимиз керак. Шу сабабли мен Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида қолишига овоз бераман», — деб ёзди Бекҳэм Facebook’даги саҳифасига.
«Мен Мадрид, Милан, Париж шаҳарларида Европа ва жаҳоннинг кўплаб футболчилари билан ўйнашга муяссар бўлганман. Бу шаҳарлар ажойиб ва уларнинг эҳтиросли мухлислари мени ва оиламни илиқ кутиб олган ҳамда ўзига хос маданиятидан баҳра олишга имкон берган», – дея қўшимча қилди собиқ футболчи.
Ўз навбатида Буюк Британия адабиёти тарихида китоблари энг кўп сотилаётган Жоан Роулинг ўзининг сайтида дунёдаги сиёсатни кескин қоралади. Ёзувчининг танқиди, айниқса, АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга йўлланган эди. Шунингдек, у Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши керак деб ҳисоблаганларга катта афсус билдирди.
Аввалроқ Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида қолишини актёр Бенедикт Камбербетч, актриса Хелена Бонэм Картер, хонанда Элтон Жон ва бошловчи Жереми Кларксон қўллаб-қувватлаганди. Актёрлар Майкл Кейн ва Жон Клиз, «Арсенал» собиқ футболчиси Сол Кэмпбелл ҳамда The Who гуруҳи яккахони Рожер Долтри Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши керак деб ҳисоблаганлар тарафдори бўлди.
Изоҳ (0)