Ўзбекистонда ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Унинг маблағларини шакллантириш ва ишлатиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 10 июндаги қарори билан қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
Янги структура Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузурида ташкил этилади. Жамғарманинг мақсади — ўрмон хўжалигини ривожлантириш учун маблағларни шакллантириш, ўрмон хўжаликларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўрмон жамғармаси ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилиш, сақлаш ва қайта тиклаш.
Жамғарма бюджети ўрмон жамғармаси ерларидан фойдаланиш учун талабномаларни кўриб чиқиш ҳамда рухсатномалар бериш учун тўловлар, ўрмон жамғармаси ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун ундирилган товон пуллари, ерлардан хўжалик, маданий-маърифий, соғломлаштириш, рекреацион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш учун тўловлар, хайрия тушумлари ва бошқалар ҳисобидан шакллантирилади.
Бу маблағ ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарнинг олдини олиш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш, ўрмонларни ҳимоя қилиш ва экологик мониторинг учун техника ва технологиялар харид қилиш, уруғчилик, селекцияни ривожлантириш, табиий кўчатхоналар, вольерлар, серпентарийлар, иссиқхоналар, доривор ўсимликлар плантациялари яратиш ва бошқа эҳтиёжларга сарфланади.
Изоҳ (0)