Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати расмийлари Рио–2016 Олимпиада ўйинлари бошланишига 49 кун қолганида фалокатли молиявий ҳолатни эълон қилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Расмийларнинг сўзларига кўра, Олимпиада ўйинларини муваффақиятли ўтказиш учун фавқулодда чоралар қўллаш керак бўлади. Рио-де-Жанейро раҳбарияти эълон қилган ҳужжатда, нефть нархининг тушиб кетгани сабабли 49 кундан кейин старт оладиган Олимпиада ўйинларига қадар улар юклатилган вазифаларни бажара олмаслиги мумкинлиги таъкидланган.
Ҳужжатда қайд этилишича, молиявий фалокат хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва атроф-муҳит масалаларининг инқирозига олиб келади.
Рио-де-Жанейро штати губернатори Франсиску Дорнеллешнинг сўзларига кўра, молиявий ҳолатни яхшилаш учун жиддий чора-тадбирлар қўллаш керак. Шу ўринда, Рио-де-Жанейро шаҳри ҳокимияти жиддий молиявий муаммо йўқлигини ва штат раҳбариятининг баёноти Олимпиада ўйинларининг тайёргарлигига таъсир қилмаслиги кераклигини таъкидлади.
Ўтган йилнинг охиридан бошлаб штат ҳукумати нафақа ва маошларни кечиктиришга мажбур бўлган. Шунингдек, бир нечта шифохона ва ўқув юртлари ёпилган. Рио-де-Жанейронинг бюджет танқислиги бу йил 5,56 миллиард долларга етиши мумкин деб баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)