Forbes журналининг талқини бўйича дунёнинг энг сердаромад спортчилари рейтингини илк марта футболчи бошқарди. Ушбу рейтинг пешқадами «Реал» ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду бўлди, деб хабар бермоқда «Sovsport.ru».
Бир йил давомида Роналду 88 миллион доллар ишлади. Унинг «Реал» билан 2018 йилгача мўлжалланган шартномасига кўра, Роналду йилига маош ва турли бонуслар кўринишида жами 53 миллион доллар ишлайди. Қолган даромад Nike, TAG Heuer, Herbalife, Clear Shampoo ва бошқа компаниялар билан тузилган ҳомийлик шартномаларидан келади.
Роналду ортидан энг сердаромад спортчилар рейтингидан «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси жой олди. Аргентиналик футболчининг даромади 2015 йилга нисбатан 73,8 миллиондан 81,4 миллион долларга ўсди.
Энг кўп маош олувчи спортчилар рейтингининг кучли учлигига Миллий баскетбол ассоциациясининг «Кливленд Кавальерс» ҳужумчиси Леброн Жеймс кирди. Forbes унинг даромадини 77,2 миллион долларга баҳолади.
«Sports.ru»нинг қайд этишича, сўнгги 15 йил ичида мазкур рейтингни фаолиятини якунламагунига қадар америкалик боксчи Флойд Мейвезер бошқариб келганди.
Қуйида энг сердаромад спортчилар ўнлиги билан танишинг:
- Криштиану Роналду («Реал», футбол) – 88 миллион доллар;
- Лионель Месси («Барселона», футбол) – 81,4 миллион доллар;
- Леброн Жеймс («Кливленд», баскетбол) – 77,2 миллион доллар;
- Рожер Федерер (теннис) – 67,8 миллион доллар;
- Кевин Дюрэнт («Оклахома-Сити», баскетбол) – 56,2 миллион доллар;
- Новак Жокович (теннис) – 55,8 миллион доллар;
- Кэмерон Ньютон («Каролина», Америка футболи) – 53,1 миллион доллар;
- Фил Микельсон (гольф) – 52,9 миллион доллар;
- Жордан Спиф (гольф) – 52,8 миллион доллар;
- Кобе Брайант («Лейкерс», баскетбол) – 50 миллион доллар.
Изоҳ (0)