Канада пойтахти марказидаги Ридо-стрит кўчасида 8 июнь, чоршанба куни ер ўпирилиши содир бўлди. У газнинг сирқиб чиқиши, электр энергиянинг ўчирилиши ва яқин атрофда жойлашган бинолардаги одамларнинг эвакуация қилинишига олиб келди. Бу ҳақда, National Post маълумотига таяниб, «РБК» хабар берди.
Фавқулодда ҳодиса маҳаллий вақт бўйича тонгги 10 га яқин юз берди. Дастлаб кичик ўпирилган ер, тезда Ридо-стритнинг барча тўрт қаторига тарқалди ва бир автомобиль ҳам чуқурга тушиб кетди.
Полициянинг маълум қилишича, кўчанинг бир қисми қулаб тушган катта чуқур магистраль сув қувурининг ёрилиши оқибатида юзага келган. У, шунингдек, газнинг сирқиб чиқишига олиб келди, оқибатда Rideau савдо маркази ва Westin меҳмонхонаси эвакуация қилинди.
Оттава марказидаги кўчаларда ҳаракатланиш қийинлашди, шаҳар транспорти бошқа йўналишлар бўйича йўналтирилди. Оттава электр тармоқларининг маълум қилишича, электр таъминоти Ридо, Бессерер, Николас, Веллингтон ва Сассекс туманларида ўчирилган.
Оттава расмийлари ҳодиса юзасидан фавқулодда мажлис чақирди. Унинг натижаларига кўра, Канада пойтахти мэри Жим Уотсон журналистларга ҳукумат Ридо-стритдаги ўпирилишни бартараф этиш учун барча имкониятларни ишга солаётганлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)