АҚШ президентлигига бирламчи сайловларнинг навбатдаги босқичи Нью-Жерси штатида бошланди. Яна беш штат сайловчилари шу куни ҳар икки партиянинг миллий съездлари учун ўз делегатларини саралаб олади, деб хабар беради «ТАСС».
Республикачилар учун бу якуний босқичдир. Улар АҚШ президентлигига номзод танлаб олинадиган миллий съездга 303 делегатни саралаб олиши лозим, шулардан 172 нафари — Калифорниядан, 27 нафари — Монтанадан, 51 нафари — Нью-Жерсидан, 24 нафари — Нью-Мексикодан, 29 нафари — Жанубий Дакотадан.
Демократларнинг бирламчи сайловлари Калифорния, Монтана, Нью-Жерси, Нью-Мексико ва Жанубий Дакотада ўтади, Шимолий Дакотада эса кокуслар — партия фаоллари йиғилишлари бўлиб ўтади. Демократлар 806 делегатни саралаб олади, шулардан 546 нафари — Калифорниядан, 142 нафари — Нью-Жерсидан.
Кампаниянинг охирги куни 14 июнь бўлади — ўшанда бирламчи сайловлар Колумбияда ўтказилиб, миллий съезд учун охирги 45 делегат сайланади.
Демократлардан асосий номзод Ҳиллари Клинтон шу пайтга қадар 2383 сайловчининг қўллаб-қувватлашига эришди — бу расман президентликка номзод кўрсатилиши учун етарлидир. Республикачилар вакили Дональд Трамп учун эса галдаги праймериз қуруқ расмиятчилик, холос: май ойида Индианадаги бирламчи сайловларда ғалаба қозонгач, Трамп ўз партиясидан ягона номзод бўлиб қолди. Айни пайтда уни 1239 депутат қўллаб-қувватламоқда — бу расмий номзодлик учун етарли кўрсаткичдир.
Изоҳ (0)