Россиянинг Челябинск вилоятида жойлашган Локомотивний қишлоғида қидирув-қутқарув хизмати мутахассислари уч ёш болага ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
6 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 20:42 да вилоят фавқулодда хизматига қишлоқдаги уйлардан бирининг деразасидан ёш бола тушиб кетгани хабар қилинди. Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар 4 ёшли бола учинчи қаватдан тушиб кетганини аниқлади. Турли жароҳатлар олган бола шифохонага олиб кетилди.
Шундан сўнг қутқарувчилар чилангарлик асбоб-анжомлари ёрдамида кириш эшигини очиб, 2 ёшли қизча дераза рафида ўтирганини кўрди ва уни ўз вақтида ушлаб қолди. Хонадон кўздан кечирилганида, бу ерда 8 ойлик яна бир гўдак борлиги маълум бўлди.
Болалар вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторга топширилди. Уларнинг онаси ҳозиргача топилмади.