30 январь куни Чимкентда полиция махсус операцияси чоғида қўлга олинган «Чимкентпиво» заводи эгаси, тадбиркор Тўхтар Тулешов Қозоғистонда вазиятни беқарорлаштиришга уринган. Бу ҳақда мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) вакили Руслан Карасев маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
«Жаноб Тулешов ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга олдинроқ тайёргарлик кўриб борган, ўтган йилдан бошлаб эса бунга фаол киришган. Унинг ҳаракат режаси кескинлик ўчоқларини яратиш, норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлар ташкил этиш орқали мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришни кўзда тутган. Шу йўл билан муқобил ҳукумат тузиш ва амалдаги ҳокимият тизимини ўзгартириш ниятида бўлган. Ер ислоҳотига қарши норозилик акцияларини ўтказиш ташаббуси ҳам Тулешов томонидан чиққан ва молиялаштирилган», — дея таъкидлаган Карасев.
Унинг билдиришича, Тулешов тергов изоляторига жойлаштирилган бўлса ҳам мамлакатда юзага келган вазиятдан фойдаланмоқчи ва май ойида Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариоғоч шаҳрида оммавий тартибсизликлар келтириб чиқармоқчи бўлган.
«Ўтган дам олиш кунлари МХҚ ходимлари Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида Тулешовнинг бир қатор шерикларини қўлга олди. Улар орасида Қозоғистон бош прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Илёс Бактибаев, Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти собиқ бошлиғи, генерал-майор Хибратулла Доскалиев, унинг биринчи ўринбосари, полиция полковниги Сакен Айтбеков, мудофаа вазирлигининг ‘Жануб’ минтақавий қўмондонлиги ҳарбий қисмлари командирлари, полковниклар Беҳзод Жумин ва Кайрат Берлибоев бўлган», — дея маълум қилган МХҚ вакили. Унга кўра, мазкур шахслар вақтинчалик ушлаб туриш изоляторига юборилган. Уларни ҳибсга олиш масаласи кўриб чиқилмоқда.