Ироқ кўнгиллилари катта қисми ҳозирда ҳам ИШИД назоратида бўлган Ал-Фаллужа шаҳри шимолида юзлаб ироқлик ҳарбий жасади бўлган манзилга дуч келди. Бу ҳақда 5 июнь, якшанба куни «Ас-Сумария» телеканали маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Телеканалга кўра, «Ироқ кўнгиллилари отрядлари Ал-Фаллужа шимолидаги Ас-Саклявия туманида 400 нафарга яқин ироқлик ҳарбий қолдиқлари бўлган биродарлар мозорига дуч келди». Дастлабки тахминларга асосан, уларнинг барчаси Ироқ армияси 30-бригадасининг 10-батальонида хизмат қилган. Кўплаб жасадларда бошга ўқ узиб ўлдирилганлиги излари аниқланди.
Ас-Саклявия ИШИД томонидан Ал-Фаллужа мудофаасидаги асосий ҳудуд сифатида кўрилаётганди. Бироқ Ироқ армияси ҳужумидан сўнг 5 июнь, якшанба куни жангарилар мазкур туманни шошилинч тарк этди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.