Абхазияда Мустақил футбол ассоциациялари конфедерацияси (ConIFA) байроғи остида футбол бўйича тан олинмаган мамлакатлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг финали бўлиб ўтди. Ҳал қилувчи баҳсда турнир мезбони Панжоб терма жамоасига қарши баҳс олиб борди, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
Учрашувнинг асосий вақти ва қўшимча бўлимларида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса Абхазия футболчилари 6:5 ҳисобида зафар қучди.
Шундай қилиб, Абхазия терма жамоаси тан олинмаган мамлакатлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Турнир мезбони бунга қадар Ғарбий Арманистон (1:0), Чагос ороллари (9:0), Лапландия (2:0) ва Шимолий Кипр (2:0) термаларини мағлубиятга учратган эди.
Учинчи ўрин учун кечган ўйинда Шимолий Кипр термаси Падания терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Маълумот учун, Мустақил футбол ассоциациялари конфедерацияси 2013 йилда ташкил топган бўлиб, унинг таркибига дунёнинг 5 қитъасидан жами 36 жамоа киритилган. Бу йилги жаҳон чемпионатида 12 та терма жамоа иштирок этди.