Футбол бўйича Францияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионатининг қўриқлаш тадбирларида ишлайдиган 80 дан ортиқ киши турнир хавфсизлигига таҳдид солувчи фуқаролар рўйхатига кириб қолди. Бу ҳақда, Франция ички хавфсизлик Бош бошқармасининг ҳисоботига таяниб, Lepoint маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Қайд этилишича, ҳукумат хавфсизлик органлари турнирнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жалб қилиниши мумкин бўлган 3,5 минг қўриқчи ва агентликларнинг маълумотларини таҳлил қилди.
Фуқароларнинг махсус маълумотлар базасидан ўтадиганлар орасида ҳукумат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки теракт амалга ошириши мумкин бўлганларнинг 82 нафари аниқланди. Ушбу маълумотлар базасига экстремистик ташкилотларга алоқаси бўлганларнинг фамилияси ҳам киритилади.
Аввалроқ Евро–2016 турнирида хавфсизликни таъминлаш учун 90 мингга яқин полиция ходими, ҳарбий ва хусусий қўриқчилик хизмати ходимлари жалб этилиши маълум бўлганди.
Футбол бўйича Европа чемпионати 10 июндан 10 июлга қадар бўлиб ўтади. Францияда 2015 йилнинг 13 ноябрида содир этилган терактлардан сўнг фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Терактлар оқибатида 150 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 400 га яқини турли тан жароҳатларини олган эди.
Ўшанда террорчиларнинг биринчи нишони Париж четидаги Сен-Дени шаҳарчасида жойлашган Stade de France стадиони бўлганди. Мазкур стадионда Евро–2016 турнирининг очилиш ўйини бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)