АҚШнинг спорт либослари ишлаб чиқарувчи Nike компанияси ХХР шимоли-шарқидаги Цзилинь провинцияси маъмурий маркази — Чанчунь шаҳрида «гаокао» — олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари куни арафасида абитуриентларга «омад келтирадиган» спорт кийимларини сотувга чиқарди. Бу ҳақда, China Daily нашрига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Хитой мактабларида болалар одатда спорт кийимида юради. Бундай либосга кўпинча таълим муассасасининг логотипи туширилади, аммо бу мажбурий эмас, шу боис Nike маҳсулоти мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари орасида шиддат билан тарқалмоқда.
«Nike либосини кий ва имтиҳонни топшир», — дейилади компания тақдим этган янги либосга туширилган шиорда.
Кийим қизил, яшил ва кўк рангларда ишланган. Қизил энг яхши натижаларга эришиш тилагини ифодаласа, яшил барча қийинчиликларда «яшил чироқ»ни «ёқиши», кўк эса илҳом бахш этиши лозим.
Изоҳ (0)