Гарри Поттер ҳақидаги асарлар туркуми муаллифи, британиялик ёзувчи Жоан Роулинг ижодининг миллионлаб мухлислари қаҳрамон улғайгандан сўнг қандай қиёфага киргани ҳақидаги саволга жавоб олди. Интернетда Лондондаги «Палас» театрида 7 июнь куни дастлабки кўриги ўтказилиши мўлжалланган «Гарри Поттер ва лаънатланган бола» номли спектакль қаҳрамонлари фотолари пайдо бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
30 июлда премьераси бўлиб ўтадиган спектакл Роулинг, ёзувчи Жек Торн ва саҳналаштирувчи режиссёр Жон Тиффани томонидан яратилган бўлиб, унда «Гарри Поттер ва ўлим ҳадялари» номли охирги китобда ёритилганидан 19 йил ўтиб юз берган ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилинади. Бош қаҳрамон мазкур йиллар давомида уч фарзанднинг отасига айланади ва афсунгарлик вазирлигида меҳнат қилади.
Спектакль сайтида жойлаштирилган фотода актёр Жейми Паркер ижросидаги Гарри Поттер хотини Жинни (актриса Поппи Миллер) ва кичик ўғли Альбус Северус (Сэм Клемметт) қуршовида намоён бўлади.
«Энди у Гарри. Унга боқиб енгил тин олиш мумкин, у барчасини биз истагандек бажаряпти», — дея изоҳ берди Роулинг 36 ёшли Жейми Паркер ижросидаги афсунгарга. Спектакль Гарри Поттер ҳақидаги туркумнинг саккизинчи, пьеса тарзида чиқарилган эса биринчи қисми бўлади.
Изоҳ (0)