БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штабида Бош Ассамблея 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида 2015 йилда Ўзбекистон Республикасида наркотикка қарши сиёсатнинг асосий йўналишлари ва уларнинг амалга оширилиши ҳақидаги ахборот олтита расмий тилда тарқатилди, деб ёзади UzDaily.
Ҳужжатда таъкидланишича, мамлакатда 2011—2015 йиллар учун Наркотикларни суиистеъмол қилишга ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, наркотикларга талаб ва таклифни қисқартириш бўйича ишларга катта эътибор қаратилади. 2016—2020 йиллар учун ҳам бундай дастур лойиҳаси тайёрланган.
Бундан ташқари, материалда 2015 йилда Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари наркотрафикни тўсиш чоралари олиб боргани, бунда асосий эътибор мамлакат ичкарисида ҳам, мамлакат орқали ҳам наркотикларнинг ноқонуний савдо айланмасига тушиш каналларини ёпишга қаратилгани айтилади. Ўтган йилнинг ўзида ушбу йўналишда 6648 та жиноий ҳолатлар аниқланди. Шунингдек, таркибида наркотик бўлган ўсимликларни ноқонуний етиштириш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида олиб борилган «Қора кўкнор — 2015» операцияси чоғида 2687 та наркотик жиноятлар аниқланди ва 621 кг наркотик воситалар мусодара қилинди.
Изоҳ (0)