Россиянинг Братск шаҳрида полиция ходими иккинчи қават деразасидан қулаб тушаётган беш ёшли ўғил болани тутиб олди. Бу ҳақда, Иркутск вилояти ИИВ бош бошқармаси матбуот хизмати маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Полиция маълумотига қараганда, ҳодиса 20 май куни юз берган. Жиноят қидирув бўлими ходими Борис Юмдашеев навбатчиликдан кейин уйга қайтаётиб, подъезд олдида тўхтаган ва иккинчи қаватнинг очиқ деразасида ўғил бола пайдо бўлганлигини пайқаган. Бир сония ўтиб, бола дераза токчасидан сирпаниб кетган. Катта сержант яшин тезлигида югуриб бориб, болани асфальтдан ярим метр масофада тутиб олишга эришган.
Боланинг ота-онаси ўша куни ишда бўлиб, уларнинг икки боласига бувиси қараб турган. Унинг сўзларига қараганда, болаларнинг каттасини у бир неча дақиқага кўздан қочирган. Полициячи қўлида бола билан уй остонасида турганда, бувиси ҳам, набираси ҳам нима содир бўлганлигини тушуниб етишга ҳам улгурмаган эди.
Изоҳ (0)