Франция пойтахти Париж шаҳрида теннис бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи, йилнинг энг йирик тўртта турниридан бири Франция Очиқ чемпионати – «Ролан Гаррос» мусобақаси давом этмоқда.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин кеча, 24 май куни яккалик баҳслари биринчи даврасида аргентиналик Хуан Монакога қарши кортга чиқди. Қарийб уч соат давом этган беллашувда 3:6, 6:4, 6:3, 7:5 ҳисоби қайд этилиб, аргентиналик теннисчининг фойдасига ҳал бўлди.
Таққослаш учун, Денис Истомин ATP рейтингида 64, Хуан Монако эса 92-ўринни эгаллаб турибди.
Шунингдек, беларуслик Александр Бурий билан тандем ҳосил қилган ўзбекистонлик 29 ёшли теннисчи жуфтликлар баҳсида ҳам иштирокини бошлайди. Биринчи даврада Истомин/Бурий тандеми Леандер Паес (Ҳиндистон) ва Марчин Матковски (Польша) дуэтига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб отамиз, мазкур турнирнинг саралаш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик Фаррух Дўстов илк даврада австриялик Жеральд Мельцерга 0:6, 6:3, 3:6 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Изоҳ (0)