2000 йилдан буён дунё бўйича ўртача умр кўриш давомийлиги беш йилга ошиб, ўтган йили туғилган болалар учун 71 йилни ташкил этди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботига таяниб маълум қилди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ».
Ҳисоботда таъкидланишича, Япония ва Швейцарияда яшовчи одамлар энг узоқ умр кўрса, Сьерра-Леонеда истиқомат қилувчилар энг кам умр кўради.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйича кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги 2000 йилдан буён беш йилга ўсганлигини маълум қилди. Бу 1960 йилдан бери энг кескин ўсишдир», — деди БМТ вакили.
У глобал кўрсаткичлардан келиб чиқиб, 2015 йилда туғилган бола ўртача 71,4 йил умр кўриши кутилаётганлигини қўшимча қилди. Бунда қиз болалар 74 йилга яқин умр кўрса, ўғил болалар 69 йил атрофида ҳаёт кечиради. Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари реал кўрсаткич киши қанчалик фаровон мамлакатда дунёга келганига боғлиқлигига аҳамият қаратди.
Изоҳ (0)