Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон республика Килис шаҳрининг ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан ўққа тутилишига мустақил қарши туришга қодир эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда, президентнинг 17 май, сешанба куни Истанбулдаги чиқишига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Туркия ИШИД, Курдистон ишчи партияси билан давомий курашни олиб бормоқда. Биз ўз муаммоларини мустақил ҳал этадиган мамлакатмиз. Килиснинг ўққа тутилишига кўз юмаётганлар учун эртага кеч бўлиши мумкин. Бу шаҳар Европа шаҳарларидан сира фарқ қилмайди», — деди Эрдўғон.
«Агар бизга Килисга ракета тушишининг олдини олишга ёрдам беришмаса, биз бу масалани ҳам ўзимиз ҳал қиламиз. Туркия Курдистон ишчи партияси ва ИШИД террорчилик гуруҳининг устидан ҳам ғалаба қозонади», — деб қўшимча қилди президент.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)