Португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо жорий йилнинг июль ойида футбол клубларидан бирида бош мураббий лавозимини эгаллайди. Бу ҳақда Associated Press нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
2015 йилнинг декабрь ойида Моуриньо қониқарсиз натижалари учун «Челси» жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилганди. Шундан буён 53 ёшли мутахассис ишсиз юрибди.
«Албатта, мураббийлик фаолиятини соғиндим. Июлда қайтаман, лекин май ва июнь ойида ҳеч нарса бўлмайди. Ҳозир оилам билан ҳаётдан баҳра оляпман. Аммо июль ойида қайтаман», – деди Жозе Моуриньо.
Шунингдек, мутахассис «Манчестер Юнайтед» алоқа қилгани ва дастлабки келишувга имзо чеккани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Моуриньо «Манчестер Юнайтед» билан дастлабки келишувга эришгани ва у уч йилда 61,7 миллион евро маош олиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)