Шу йилнинг 1–5 май кунлари Актобе шаҳрида сузиш бўйича ўтказилган Қозоғистон Очиқ чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 10 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига олтин медалларни Алексей Дерлюгов (100 метр баттерфляй, 200 ва 400 метр комплекс), Даниил Тулупов (100 метр, эркин сузиш), Хуршиджон Турсунов (200 метр, эркин сузиш), Даниил Букин (200 метр, чалқанча), Артём Козлюк (50 метр, баттерфляй) олиб келди.
Бундан ташқари, 4х100 ҳамда 4х200 метр масофага эркин усулда, 4х100 метр масофага эстафета мусобақасида Ўзбекистон вакиллари марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Шунингдек, Даниил Букин (50 ва 100 метр, чалқанча), Даниил Тулупов (50 метр, эркин сузиш), Владислав Мустафин (100 метр, брасс), Егор Болотов (200 метр, чалқанча), Артём Козлюк (400 метр, эркин сузиш) ва Алексей Тарасенко (200 метр, эркин сузиш) кумуш медалларга, Владислав Мустафин (50 метр, брасс), Егор Болотов (50 метр, чалқанча), Нуруллохон Ғуломқодиров (200 метр, баттерфляй) ҳамда Алексей Тарасенко (100 метр, эркин сузиш) бронза медаллари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик спортчилардан Хуршиджон Турсунов, Даниил Букин ва Даниил Тулупов Олимпия ўйинларининг «А» нормативига жуда яқин натижаларни қайд этди.
Изоҳ (0)