Дунёдаги энг йирик суверен жамғарма бўлмиш Норвегия пенсия жамғармаси 2016 йилнинг биринчи чорагини зарар билан якунлади. Бу ташкилотнинг 28 апрель куни чоп этилган ҳисоботида акс этди, деб ёзади «РБК».
Январь–март ойлари орасида жамғарманинг даромади минус 0,6 фоизни ташкил қилди.
2015 йилда беш йилдан буён кузатилган энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилди: иккинчи ва учинчи чоракларда салбий даромад кўрсаткичига эга бўлган жамғарма йилнинг муваффақиятли якуни боис 2,7 фоиз даромадга эга бўла олди.
Биринчи чоракда даромаднинг минус кўрсаткични қайд қилиши амалда жамғарма шу давр ичида 85 миллиард крона ёки 10,4 миллиард доллар йўқотди дегани. 31 март куни жамғарма активларининг умумий қиймати 7,079 триллион кронани (853 миллиард доллар) ташкил қилаётган эди. 28 апрель ҳолатига кўра бу кўрсаткич 7,043 триллион кронага (кронанинг долларга нисбатан курси ўзгарганини инобатга олганда — 864 миллиард доллар) тенг бўлди.
Жамғарма мутасаддиларининг эътироф этишича, 2016 йилнинг дастлабки икки ойида Хитойда иқтисодий ўсишнинг секинлашуви, юань курси атрофидаги ноаниқлик, энергия ташувчилар нархининг тушиши ва дефляция хавфи туфайли бозорларда сакрашлар кузатилди. Мартда эса вазият бироз яхшиланди: ХХР иқтисодиёти борасида ижобий маълумотлар кела бошлади, АҚШ Федерал захира тизими эса монетар сиёсатни эҳтиёткорроқ юрита бошлади.
Жамғарма активларининг 60 фоизи қимматбаҳо қоғозларга, 37 фоизи инвестицияларга, 3 фоизи эса кўчмас мулкка тўғри келади. Ташкилотнинг қимматбаҳо қоғозлар бўйича даромади биринчи чоракда 2,9 фоизга, инвестициялардан даромади 3,3 фоизга, кўчмас мулкдан даромади эса 1,3 фоизга тушиб кетди.
Ғарбий Европанинг энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиси бўлган Норвегия нефть нархининг тушиши туфайли зарар кўрмоқда. 2016 йил бошида мамлакат ҳукумати жамғарма яратилганидан буён (1996) биринчи марта ундан 25 миллиард крона (3,1 миллиард доллар) чиқариб олди. Нефть нархининг пасайиши оқибатида крона қадрининг тушиши йил бошидан бери жамғарма активлари нархини 286 миллиард кронага арзонлаштириб юборди. Умумий ҳисобда биринчи чоракда жамғарма активлари ҳажми 400 миллиард кронага (50 миллиард доллар) тушди.
Изоҳ (0)