«Бунёдкор» клуби ҳужумчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчи Достонбек Ҳамдамов Осиё футбол конфедерацияси йилнинг ҳар чорагида чоп этадиган Осиё футболи ҳақидаги журнали қаҳрамонларидан бирига айланди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
«Порлаётган юлдуз» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада «Бунёдкор» ҳужумчисининг 2015 йил Янги Зеландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида намойиш этган ёрқин ўйинлари, футболчининг клубдаги фаолияти ҳамда орзуси ҳақида сўз борди.
2015 йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси дея эътироф этилган 19 ёшли Ҳамдамов ОФК расмий журналига берган интервьюсида ёшлар ўртасидаги мундиал ҳақида тўхталиб ўтди.
«20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати биз учун катта тажриба бўлди. Биз мундиалда ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш қилиб, Ўзбекистон футболи савиясини кўрсатишга интилдик. Мақсадимиз ушбу йирик мусобақанинг ярим финалига қадар етиб бориш эди. Афсуски, жамоа Сенегалга мағлуб бўлди. Мен дисквалификация сабаб ўша ўйинда иштирок эта олмагандим. Мен учун бу жуда оғир палла бўлганди. Бироқ, ўша чемпионатдаги икки воқеани бошқалардан кўра яхшироқ ёдда сақлаб қолганман. Биринчиси, нимчорак финалда Австрияга урган иккита голим. Ўша голлар жамоанинг чорак финалга йўл олишида муҳим ўрин тутганди. Иккинчиси эса Германияга қарши гуруҳ босқичидаги ўйинимиз. Бу ўйинда мағлуб бўлганимизга қарамай, биз учун катта дарс вазифасини ўтаб берганди», – деди Ҳамдамов.
Достонбек Ҳамдамов Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилгани борасида ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.
«Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф эътилганим мен учун катта шараф. Буни кутмагандим. Барча номзодлар «Бунёдкор» ва Ўзбекистон U-20 жамоаси аъзолари бўлди. Шундай экан, бу ютуқ фақатгина меники эмас, балки, мен билан шу йўлларни бирга босиб ўтган жамоадошларимники ҳамдир, деб ҳисоблайман», – деди иқтидорли ярим ҳимоячи.
Ўзининг айни вақтдаги орзуси ҳақида сўралганида Достонбек Ҳамдамов қуйидагича жавоб берди.
«Ўтган йил мен учун омадли ва яхши воқеаларга бой бўлди. Айни вақтдаги мақсадим эса миллий терма жамоа сафида 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига боришдан иборат. Ўзбекистонда ҳар бир мухлис, ҳар бир футболчини мана шу истак билан яшайди. Умид қиламанки, миллий терма жамоа таркибига кира оламан ва жамоанинг Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиқишида ўз ҳиссамни қўшаман», – деди Достонбек Ҳамдамов.
Изоҳ (0)