Жанубий Африка Республикаси ҳудудида чақалоқлар ва боғча ёшидаги болалар ўлимининг бир фоиздан ортиғи ота-оналари ёки қариндошларининг қасддан ҳаракати натижасида юз беради. Бу ҳақда олимлар PLoS Medicine журналида чоп этилган икки мақолада маълум қилди, деб хабар беради «РИА Новости».
Кейптаундаги Тиббий тадқиқот марказидан Наимах Абрахамс ва унинг ҳамкасблари болалар ўлими сабабларини ўргана туриб, ЖАРда ҳар йили ота-оналар 500 га яқин чақалоқ ва боғча ёшидаги болаларни ўлдиришини аниқлади.
Болалар ўлимининг бир фоизга яқини касаллик ёки ривожланишдаги муаммолар туфайли эмас, ота-оналарининг ҳаракатлари оқибатида юз бериши аниқланди. Аксарият ҳолатларда (86 фоиз) ота-оналар болани шунчаки кўчада қолдириб кетган, оқибатда бола очлик ёки бошқа сабаблардан ҳалок бўлган. Бошқа ҳолларда болага дастлаб азоб бериб, кейин уни ўтмас буюмлар билан уриб ёки бўғиб ўлдирилган.
Олимларнинг тахминича, бу каби жиноятлар исталмаган ҳомиладорлик, болани очлик ва етишмовчилик билан боғлиқ қийинчиликлардан халос этиш истаги туфайли амалга оширилган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)