Apple компанияси ўтган йили денгизда йўқолиб қолган ўсмирнинг iPhone’ини тиклашда ёрдам беради. Бу ҳақда TJournal ёзмоқда.
2015 йилнинг 24 июлида 14 ёшли икки ўсмир — Перри Коэн ва Остин Стефанос АҚШнинг Флорида штати шарқий қирғоғидаги сув омборига балиқ овига бориб, об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши оқибатида бедарак йўқолди. Бир ҳафта давом этган қидирув ишлари натижа бермади.
18 март куни Норвегиянинг кўп мақсадли кемаси Бермуд ороллари қирғоғидан 100 миля нарида ўсмирларнинг қайиғини топиб олди. Болаларнинг тақдири номаълумлигича қолди, аммо қайиқ ичидан Остин Стефаносга тегишли iPhone 6 топилди.
Аниқланган телефон ичидаги маълумотлар тафтишни давом эттиришга имконият бериши кутилмоқда. Жумладан, гаджетда болаларнинг ҳалокат олдидан сўнгги мурожаати ёки улар охирги марта қаерда бўлгани ҳақида маълумот сақланган бўлиши мумкин.
Ўсмирнинг отаси Блу Стефанос Apple телефон ичидаги маълумотларни тиклашда ёрдам беришини айтди.
«Биз FWC (Флорида балиқчилик идораси) билан улар телефонни олганидан буён яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз ва уларга тўлиқ ишонамиз. Бундан ташқари, биз телефон ишлаб чиқарувчиси билан алоқадамиз, у эса, афтидан, телефон ишини тиклашда ёрдам бермоқчи. Бу бизнинг бирламчи вазифамиз, негаки телефон саккиз ой мобайнида шўр сувда бўлган», — деди Блу Стефанос.
Стефанос бу ҳолатни Apple’нинг ФҚБ билан террорчининг смартфони ҳимоясини бузиш борасидаги тортишувига боғламасликни сўради.
«Биз ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорлигимизга тўсқинлик қиладиган баёнотлар беришни истамаган бўлардик. Афсуски, охирги пайтлар кўзга ташланган айрим спекуляциялар бунга сабаб бўлиши мумкин», — деб таъкидлади ўсмирнинг отаси.
AppleInsider нашри нима сабабдан бу воқеани ФҚБ ва корпорация ўртасида юзага келган зиддият билан қиёслаб бўлмаслигини тушунтириб ўтди: биринчидан, боланинг телефони блокланганми, йўқми — маълум эмас, иккинчидан, Apple хавфсизлик қоидалари фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатишни назарда тутади, учинчидан, мазкур ҳолатда ёрдам давлат органи тарафидан эмас, телефон эгасининг қариндошлари томонидан сўралмоқда.
Изоҳ (0)