Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси июнь ойида Таиландда бўлиб ўтадиган Қирол кубогида иштирок этмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясидаги манба «Дарё»га маълум қилди.
ЖЧ—2018 саралашининг ҳал қилувчи босқичига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қирол кубогида иштирок этиши ҳақида Таиланд нашрлари мамлакат футбол ассоциацияси президенти Самйот Пумпунмуангга асосланиб маълум қилган, бироқ ЎФФ миллий терманинг бу мусобақадаги иштирокини расман тасдиқламаган эди.
Бангкокдаги турнирда Хорватия Б, Тринидад ва Тобаго, Коста-Рика, Гаити, Ўзбекистон терма жамоаларининг иштироки кутилаётган эди. Норасмий маълумотга кўра, Ўзбекистондан ташқари, Хорватия Б ҳам мусобақага бормайди.
БАА ҳамда Иордания терма жамоалари Қирол кубогида иштирок этишга розилик берган. Мусобақа 3—5 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)