12 апрель, сешанба куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида футбол бўйича ЖЧ—2018 турнирининг 3-саралаш босқичи учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Осиё футбол конфедерацияси таклифига мувофиқ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда терма жамоа менежери Рамиль Илёсов қуръа ташлаш маросимида иштирок этиш учун Малайзияга жўнаб кетди.
Иккинчи саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 12 та терма жамоа 12 апрель, сешанба куни Куала-Лумпур шаҳридаги Mandarin Oriental меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган қуръадан сўнг, ЖЧ–2018 финал босқичига йўлланма берувчи сўнгги саралаш босқичидаги рақиблари номини билиб олади.
Регламентга кўра, мазкур саралаш босқичида 12 та терма жамоа 6 тадан икки гуруҳга бўлинади. Гуруҳларда дастлабки икки ўринни эгаллаган термалар Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. 3-ўрин соҳиблари эса ўзаро икки ўйиндан иборат плей-оффда иштирок этади. Ғолиб жамоа қитъалараро плей-офф учрашувларида қатнашади.
Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси қуръада Саудия Арабистони билан 3-саватчадан жой олгани маълум бўлганди.
Маълумот ўрнида, ЖЧ–2018 турнирининг 3-саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими эртага, 12 апрель куни Тошкент вақти билан 13:30 да бошланади.
Изоҳ (0)