Самарқанднинг «Динамо» жамоаси аъзолари, айни вақтда Тошкентнинг «Пахтакор» клубида ижара асосида тўп сураётган Достон Ибрагимов ва Саиджамол Давлетжанов Тартиб-интизом кодексининг бир неча бандларини бузганлиги сабабли 1 миллион сўмдан жаримага тортилди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Давлетжанов ва Ибрагимов 2016 йил, 23–30 март кунлари ўтказилган Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг йиғинидан ўзбошимчалик билан кетиб қолганлиги ҳақидаги бош мураббий Жасур Абдураимов тақдим этган рапорт жаримага асос бўлади.
Шу билан бирга, ёшлар терма жамоасига номзод бўлган «Пахтакор» футбол клуби ўйинчиси Жамшид Юсуповга терма жамоанинг бир қатор йиғинларига 2–3 кун сабабсиз кечикиб келганлиги учун 500 минг сўм миқдорида жарима солинди.
Жаримага тортиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон футбол федерациясининг Тартиб-интизом қўмитаси томонидан қабул қилинди.
Жарималар кор қилмаган тақдирда Достон Ибрагимов, Саиджамол Давлетжанов ва Жамшид Юсупов муайян муддатга футболчилик лицензиясидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Изоҳ (0)