Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 4-турни «Обод» ва «Қизилқум» клублари бошлаб берди. 2016 йилги мавсумдан эътиборан Олий Лигада илк бор иштирок этаётган Тошкентнинг «Обод» клуби ўйиннинг 86-дақиқасида ғалабани қўлдан чиқарди.
ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошқариб борган учрашувнинг 13-дақиқасига келиб Навоий клуби пенальтидан ҳисобда олдинга чиқиб олди. Гол муаллифи Илҳом Юнусов аввалги уч турда 4 та гол урган бўлиб, шуларнинг 3 тасида пенальтидан муваффақият қозонганди.
Қайд этиш керак, «Қизилқум»нинг 1-тур доирасидаги «Машъал»га қарши ўйинида ҳам Равшан Эрматов меҳмонлар дарвозаси томон иккита 11 метрлик жарима белгилаганди. Шу тариқа 4 та ўйинда 5 та гол урган «Қизилқум» футболчиси Илҳом Юнусов тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Тошкентнинг «Обод» клуби дастлабки уч турда биттагина дуранг қайд этган бўлиб, қолган иккита ўйинни бой берган, қўшимчасига рақиб дарвозасига йўл топа олмаганди. Жамоанинг Олий Лигадаги биринчи голи «Қизилқум»га қарши ўйиннинг 25-дақиқасида Павел Соломин томонидан киритилди.
Иккинчи бўлимнинг 12-дақиқасида Шохруз Норхонов «Обод»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 86-дақиқага келиб Файзулла Қамбаров мувозанатни тиклади.
4 та ўйинда 2 очкони қўлга киритган «Обод» 10-ўринга кўтарилиб олди. «Қизилқум» эса очколари сонини 10 тага етказиб, 9 апрель ҳолатига кўра Олий Лига пешқадамига айланиб олди.
Олий Лига 4-тур беллашувлари 9 апрель, шанба
«Обод» — «Қизилқум» 2:2
Голлар: Илҳом Юнусов, 13-пен (0:1). Павел Соломин, 25 (1:1). Шохруз Норхонов, 57 (2:1). Файзулла Қамбаров, 86 (2:2).«Қўқон—1912» — «Бухоро»«Машъал» — «Навбаҳор»«Андижон» — «Нефтчи»«Олмалиқ» — «Металлург»
10 апрель, якшанба«Шўртан» — «Бунёдкор»«Сўғдиёна» — «Локомотив»
11 апрель, душанба«Пахтакор» — «Насаф»
Изоҳ (0)