Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 4-тури олдидан Тошкентнинг «Локомотив» ва Эроннинг «Сепаҳон» клублари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди, деб ёзади клуб расмий сайти.
«Локомотив» ПФК президенти Мансур Ражабов ва «Сепаҳон» ФК бошқарув раиси Асгар Багериян имзолаган шартномада бир қатор бандлар санаб ўтилган бўлиб, ҳар икки клуб келажакда уларни амалга ошириш борасида келишиб олган. Жумладан,
- Жамоаларга тегишли бўлган спортчиларни ўзаро келишув асосида у ёки бу клубга трансфер қилиш;
- Жамоаларнинг турли ёшдаги футболчилари ўртасида белгиланган қоидаларга кўра ўртоқлик ва назорат учрашувларини ташкил этиш;
- Эрон ва Ўзбекистон спорт жамоаларининг у ёки бу мамлакатда ўқув-йиғин машғулоти олиб боришини таъминлаш;
- Янги футбол методлари ва қўлланмалари бўйича ўзаро фикр алмашиш, футбол машғулотлари жараёнларини дискларга ёзган ҳолда жамоа устозлари ва футболчилар орасида умумий тажриба алмашиш;
Маълумот учун, «Локомотив» собиқ футболчиси Фозил Мусаев айнан «Сепаҳон» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Фозил Мусаевнинг ўйинидан клуб раҳбарияти ҳамда мураббийлар штабининг кўнгли тўқ, дейилади хабарда.
Қайд этиш керак, «Локомотив» Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида «Сепаҳон»ни сафарда 2:0, Тошкентда эса 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
«Локомотив» аввалроқ Англиянинг «Флитвуд Таун» клуби билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганди.
Изоҳ (0)