Футбол бўйича Англия 1-лигаси вакили «Суиндон Таун» уч нафар футболчисини чилим чекканлиги учун жамоадан четлаштирди. Бу ҳақда SkySports хабар берди.
Ивуарлик Дрисса Траоре, франциялик Жереми Балми ҳамда англиялик Брендон Ормонде-Оттевиллнинг мазкур вазият акс этган видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши билан улар тўп сурадиган «Суиндон Таун» шундай қарорга келган. Видео «Суиндон Таун»нинг чемпионатда 21-ўринда бораётган «Олдҳэм Атлетик»га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйган ўйинидан кейин пайдо бўлганди.
«‘Суиндон Таун’ ўз футболчиларининг хулқи борасида ички суриштирув ишларини бошлади. У тез орада кўриб чиқилади ва иш якунига етгунига қадар клуб мазкур ҳолат юзасидан бошқа изоҳ бермайди», — дейилади жамоа баёнотида.
Қайд этиш керак, «Суиндон Таун» олти турдан буён рақибларини мағлуб эта олмай, 24 та жамоа иштирок этадиган Англия 1-лигасида 15-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)