Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан Германиянинг «Вольфсбург» клубига қарши (0:2) Европа Чемпионлар Лигаси чорак финал дастлабки ўйинидан сўнг учрашув ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар беради «Чемпионат».
«Мен бундай ўйиндан мамнун эмасман. Ҳеч ким, ҳатто мен ҳам, ‘Реал’ 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишини кутмаган эдим. Мазкур ўйин биз учун, айниқса, жисмоний томондан қийин кечишини билар эдик. ‘Барселона’га қарши кечган ўйин ўз таъсирини ўтказди. Бироқ учрашувни ЕЧЛнинг ушбу босқичида намойиш қилиниши керак бўлган суръатда бошламадик. Бизга ҳаракат ва темп етишмади. Гол киритиш учун имкониятлар бўлди, лекин ҳозир қайд этилган натижани қабул қилишимиз керак. Ўйиннинг барча 90 дақиқасини таҳлил қилиб чиқишимиз лозим», – дейди Зинедин Зидан.
«Ҳали имкониятимиз бор. Биз – ‘Реал Мадрид’ жамоасимиз ва жавоб ўйинида мухлисларнинг далдаси остида барчасини ўзгартиришимиз мумкин. Олдинда 90 дақиқа ёки бироз кўпроқ вақт бор. Ҳозир биз бирдам бўлиб, ишлашда давом этишимиз керак», – дея қўшимча қилди франциялик мутахассис.
Маълумот ўрнида, «Реал» ва «Вольфсбург» ўртасидаги жавоб ўйини 12 апрель, сешанба куни Мадрид шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)