Хитойнинг Сиан Ан шаҳрида бокс бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинлари йўлланмалари учун Осиё ва Океания минтақаларининг қўшма лицензион турнирининг ярим финал беллашувлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, -52 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган ўзбекистонлик Шаҳобиддин Зоиров ярим финалда қирғизистонлик Азат Усеналиевга қарши жанг ўтказиб, 3:0 ҳисобида зафар қучди. Мазкур муваффақиятдан сўнг у мусобақа финали ва Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, -69 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Ўзбекистон вакили Шаҳрам Ғиёсов ярим финалда филиппинлик Сантос Марсиални 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мусобақа финали ҳамда Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олди.
Аввалроқ Ҳасанбой Дўсматов (-49 килограмм) ва Ёдгорой Мирзаева (-51 килограмм) Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма олганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Маълумот ўрнида, бугун 31 март куни яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рингга кўтарилади.
Изоҳ (0)