Футбол бўйича Ўзбекистон ва Баҳрайн терма жамоалари ўртасидаги ўйинда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, Ўзбекистон ЖЧ—2018 саралашининг 3-босқичида иштирок этади.
Бунга қадар назарий жиҳатдан Самвел Бабаян жамоаси ўз иштирокини 2-саралаш босқичидаёқ якунлаши мумкин эди. 29 март, Тошкент вақти билан 15:52 да якунига етган Австралия ва Иордания терма жамоалари ўртасидаги ўйин натижаси эса Ўзбекистон терма жамоаси учун барча масалани ҳал қилди.
Австралия рақиби устидан зафар қучганидан кейин, ўз гуруҳида 2-ўринни қўлга киритган терма жамоалар орасидаги кўрсаткич бўйича Иорданиянинг имконияти Ўзбекистонникидан автоматик равишда камайиб кетди.
Яъни, 29 март куни 18:00 да бошланадиган ўйинда Ўзбекистон Баҳрайнга имкониятни бой бериб, гуруҳдаги иккинчи ўйинда КХДР Филиппин устидан зафар қучган тақдирида ҳам, Ўзбекистон ҳал қилувчи босқичга йўлланма олади.
Эндиликда Суриянинг Япония, БААнинг Саудия Арабистони ва Ироқнинг Вьетнам устидан ғолиб чиқиши ҳам Ўзбекистон терма жамоаси учун халал бермайди.
ЖЧ-2018 нинг 3-саралаш босқичи учун қуръа ташлаш маросими 12 апрель куни бўлиб ўтади. ФИФА рейтингида Осиё терма жамоалари орасида Эрон, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, БАА ҳамда Австралиядан кейин 7-ўринда бораётган Ўзбекистон 12 апрель кунги қуръада катта эҳтимол билан 4-саватчадан жой олади.
ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 саралаш«Б» гуруҳи учрашуви
Изоҳ (0)