«Барселона» жамоаси раҳбарияти бош мураббий Луис Энрикенинг клубда олиб бораётган ишидан қониқиш ҳосил қилмоқда. Каталонияликлар вице-президенти Хорди Местренинг таъкидлашича, клуб испаниялик мутахассис билан амалдаги шартномани узайтириш ниятида, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
«Албатта, Луис Энрикега шартномани узайтиришни таклиф қиламиз. Бу борада клуб бошқарув органи кўпроқ маълумот бера олади. Энрике интенсив тарзда, аммо аввалги босимсиз ишлашда давом этмоқда», – дейди Местре.
Испаниялик 45 ёшли мутахассис «Барселона»ни 2014/15 йилги мавсум бошида ўз бошқарувига олган. Ушбу вақт мобайнида у каталонияликлар билан Испания чемпионати, Испания Кубоги, ЕЧЛ ва УЕФА Суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди.
Маълумот ўрнида, Луис Энрикенинг амалдаги шартномаси 2017 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Изоҳ (0)